2017-12-15 18:48:00

ТАДБИРКОРГА ТЎСИҚ ЙЎҚ

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг имкониятлар эшиги очилди. Бунда биринчи навбатда ишбилармон кишиларнинг эркин фаолият юритишлари ва мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга муносиб ҳиссаларини қўшиш имкониятини берувчи ҳуқуқий база шакллантирилди. Тадбиркорлар фаолиятини янада кенгайтиришни кўзда тутувчи қонун ва қонуности ҳужжатлар эълон қилинди, уларга кўплаб имтиёзлар тақдим этилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқди.

Ушбу Фармон хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишига қаратилгани билан ҳам янада аҳамиятлидир.

Худди шунингдек, «кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик»ни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.

Асосий эътибор хато ва камчиликларни барвақт олдини олиш ва бартараф этишга қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимлари томонидан 2017 йилнинг 9 ойи давомида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солиш ва уларни ҳуқуқий саводхонлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида қатор профилактик тадбирлар амалга оширилди.

Фаолият турлари билан бевосита боғлиқ бўлган сўнгги янгиликлардан бохабар қилиш учун 646 та семинар ташкил этилди ва ушбу тадбирларда 9000 нафардан зиёд тадбиркор иштирок этди. Уларга 500 та амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари акс эттирилган қўлланмалар тарқатилди ва бевосита жойларга чиқиб олиб борилган тушунтиришларда қатнашганлар сони 1200 нафарли кўрсаткичдан ошди.

Инспекция ходимлари ташаббуси билан ташкил этилган кўргазмалар ишбилармонларга фаолиятларида кўл келадиган кўплаб қимматли ахборотлар тақдим этди. Бевосита мулоқот шаклидаги муҳокамалар ҳар иккала томон учун қулай ва самарали саналади. Унда муаммоли вазиятларга ечим топилиши баробарида тадбиркорлар ўзларини қизиқтираётган кўплаб саволларга мутахассисларнинг аниқ жавобларига эга бўлишди.

Юқорида таъкидланганидек, профилактик тадбирларда асосий урғу хато ва камчиликларни бартараф этиш ва олдини олишга қаратилди. Натижада содир этилиши мумкин бўлган 2600 дан зиёд камчиликлар ўз вақтида бартараф этилди. “Очиқ эшиклар куни” акцияси ҳам тадбиркорларимизга қатор қулайликлар яратиб бермоқда. Улар ўзларини ташвишга солаётган ва ечимини излаётган масалалари билан мурожаат этиб, аниқ хулосаларга эга бўлишмоқда.

Инспекциянинг марказий аппарати ва филиаллардаги ишонч телефони рақамлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган бўлиб, ишбилармонлардан мурожаатлар келиб тушмоқда. Ишонч телефонларига бўлаётган мурожаатларнинг ҳар бири ўз вақтида атрофлича ўрганилиб, ижобий ҳал этиляпти. Бундан ташқари, фуқароларимиз “Ўздавтемирйўлназорат” давлат инспекциясининг расмий "rwnadzor.uz" веб-сайти орқали сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш билан биргаликда, бевосита мурожаат қилиш имконига ҳам эгалар.

Фирдавс ХАЙРИДДИНОВ,

“Ўздавтемирйўлназорат” давлат инспекцияси Ахборот хизматибошлиғи.

"Туркистон-пресс"