2017-12-15 17:37:00

ФЕРМЕР — ФАРОВОНЛИККА МАСЪУЛ ШАХС

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яқинда мамлакатимизда биринчи марта ўтказилган қишлоқ хўжалиги ходимлари кунида иштирок этиб, кўнглимда бир олам фахр ва ифтихор ҳисларини туйдим. Унда қатнашган барча юртдошларимнинг – деҳқону миришкор, соҳибкору чорвадор, аграр соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фидойи мутахассисларнинг юз-кўзларида ҳам миннатдорлик, бугунги ҳаётидан розилик, Ватан равнақи йўлида бор куч-салоҳиятини ишга солиб, садоқат билан хизмат қилиш, ислоҳотларга муносиб улуш қўшишдек ўзгача бир иштиёқни кўрдим.

Дарҳақиқат, бугун соҳа ходимлари йиллар давомида орзиқиб кутган кунлар келди. Бундан буён қишлоқ хўжалиги ходимларининг ҳам ўз касб байрами бор, биз ҳар йили бу санани алоҳида тайёргарлик билан кенг нишонлайдиган бўлдик. Йил мобайнида қўлга киритган марраларимиз, ютуқ ва муваффақиятларимизни ўртоқлашиб, йўл қўйилган камчиликларни муҳокама этамиз, ўзаро тажриба алмашамиз.

Ушбу нуфузли анжуманда маъруза қилган Президентимиз Шавкат Мирзиёев жумладан шундай деди: "...Деҳқон деганда, бепоён далалар, боғу роғлар, дастурхонимиздаги турли ноз-неъматлар, тўй-томошалар, хурсандчилик кунларимиз, бутун ҳаётимиз кўз олдимизда намоён бўлади.

Шу маънода, деҳқон бу — ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди".

Бу юксак эътироф, ҳар бир соҳа вакилининг кўнглини кўтариши, янгидан янги марралар сари рағбатлантириши, ташаббускорликка ундаши табиий.

Бугун вилоятимизда давлатимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлар, имтиёз ва преференциялар, ўзига хос қулайликлар самараси ўлароқ, намунали фермер хўжаликлари 10 дан ортиқ йўналишда самарали фаолият юритмоқда. Натижада жойларда кўплаб янги иш ўринлари яратилаётир.

Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш, шу билан бирга ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Fаллачилик, пахтачилик, пиллачилик, боғдорчилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик каби тармоқларда ҳавас қилса арзигулик натижаларга эришилмоқда.

Биргина бизнинг фермер хўжалигимиз томонидан қўлга киритилаётган юксак натижалар фикримнинг ёрқин далилидир. Ерга айрича меҳр бериб, мўл ҳосил оляпмиз, тасарруфимизда замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари мавжуд. Фермер хўжалигимиз ишчиларининг моддий манфаатдорлигини йил сайин ошириб боряпмиз. Давлатимиз раҳбари томонидан фермерлик ҳаракати ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани муваффақиятларимиз омили бўлмоқда, албатта.

Албатта, эришилган ютуқлардан мағрурланиб, изланиш ва интилишдан тўхтаб қолмаслигимизни бугунги шиддаткор замон талаб этмоқда.

Президентимиз ўз маърузасида таъкидлаганидек: “Қишлоқ хўжалиги соҳасида эришаётган ютуқ ва натижаларимиз ҳақида яна кўп гапиришимиз мумкин. Лекин ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш, хотиржамликка берилиш бизга ярашмайди.Чунки қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар, ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар ҳам жуда кўплигини барчамиз яхши биламиз. 

Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини ҳам модернизация қилиш борасида энг муҳим вазифаларни аниқ белгилаб, уларни изчил амалга ошириб бораётганимиз соҳадаги улкан муваффақиятларга асос бўлиб хизмат қилмоқда”.

Шундай экан, ердан унумли фойдаланиш ва уни талон-тарож қилишнинг олдини олиш, эскириб қолган суғориш иншоотларини модернизация қилиш, аҳолини сифатли гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан етарлича таъминлаш, мева-сабзавот етиштиришни янада кўпайтириш, уни сифатли тарзда аҳолига етказиш ва экспорт қилиш, томорқадан фойдаланишни талаб даражасида йўлга қўйиш, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, даромад ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги техникаларини янгилаш, пахта ва ғалла экилаётган паст рентабелли майдонларни йилдан-йилга қисқартириб, уларнинг ўрнига интенсив боғлар, ёнғоқзор ва токзорлар барпо этиш, шунингдек, сердаромад бўлган соя, қалампир ва кўкатлар экиш, соҳада илмий асосланган замонавий агротехнологияларни жорий этиш, пировардида халқимиз дастурхонини тўкин-сочин, ҳаётини фаровон қилишдек эзгу ишларимизни янги босқичга олиб чиқиб, астойдил тер тўкишимиз зарур.

Бинобарин, бугунги фермер фақат қишлоқ хўжалиги экинларини экиб, ундан даромад оладиган оддий деҳқон эмас. Фермер — қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга, одамларнинг турмуш шароитини яхшилашга, маҳалла, гузар ва кўчаларни янада обод қилишга масъул шахс ҳамдир.

Қувончли касб байрамимиз куни "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланганим бутун жамоамизга янада ғайрат-шижоат, куч-қувват бағишлади. Бу юксак ишонч зиммамизга жуда катта масъулият юклайди. Ана шу масъулиятни теран англаб, фидокорона меҳнат қилиб, билдирилган ишончни албатта, оқлаймиз.

Турсунбой КОМИЛОВ,

Тўрақўрғон туманидаги «Комилов Турсунбой» фермер хўжалиги бошлиғи.

“Туркистон-пресс”.