2017-12-11 19:59:00

ТУРИЗМ СОҲАСИГА ИЛҒОР ТЕХНОЛОГИЯЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ҳамда “Теҳно Даргоҳ” МЧЖ ўртасида уч томонлама келишув меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Ахборот хизмати .

Унга кўра, юртимизнинг СМАРТ туризм мамлакати сифатида халқаро туризм бозоридаги имиджини ошириш ва сайёҳларга қулайлик яратиш учун IT-технологияларидан фаол фойдаланиш мақсадида томонлар "VERUM QR" қўшма лойиҳасини амалга оширишнинг амалий босқичини бошлаб юбордилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари У.Қўқонбоев, “Теҳно Даргоҳ” МЧЖ директори Т.Хўжаев, шунингдек, қўмита ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Таъкидланганидек, замонавий сайёҳ ўзига керакли маълумотни олишда илғор ахборот-коммуникация технологиялари, биринчи навбатда, смартфонлардан фойдаланади. Ҳозирги кунда жаҳонда СМАРТ туризм концепцияси жадал ривожланиб бормоқда, Ўзбекистонда эса бу технология илк бора QR-KODлар ёрдамида сайёҳларга тақдим этилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида сайёҳ QR-KOD тасвирига ишора қилган ҳолда бир неча сониядан сўнг ўз смартфонига 12 тилда осон ва қулай кўринишда юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ҳақидаги барча маълумотларни қабул қилиб олади. Шу билан бирга, фойдаланувчиларга нафақат сайёҳлик объектлари ҳақида, балки энг яқин меҳмонхоналар, ресторанлар, санъат галереялари ва бошқа архитектура ҳамда тарихий ёдгорликлар ҳақида ҳам маълумот берилади.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Теҳно Даргоҳ” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида амалга оширилган дастлабки иш натижалари аллақачон Хива шаҳрида синов тарзида ишга туширилган эди.

Бундан ташқари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бир қанча IT компаниялар билан ҳам СМАРТ туризмнинг бошқа технологияларини жорий этиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйган. Шунингдек, “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” МАК ва “Ўзбекистон темир йўллари” АК билан самолёт ёки поезд жўнашидан 24 соат олдин интернет орқали электрон чипталар ҳамда электрон рўйхатдан ўтиш платформасини жорий этиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”.